Сариосиёлик ўқувчи 32 та хорижий университет грантини қўлга киритди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Акбар Достонов АҚШ, Швейцария, Италия ва Канаданинг нуфузли олий таълим муассасаларидан жами 32 та расмий қабул таклифини олди.

Бу натижа, аввало, ўқувчининг узлуксиз изланиши, билимга бўлган интилиши ва қатъияти самарасидир. Шу билан бирга, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бераётганини ҳам кўрсатади.

Қолаверса, Акбар Достоновнинг муваффақиятида устозлар меҳнати ва ота-онасининг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, чекка ҳудудда таҳсил олаётган ёшнинг дунёнинг етакчи университетлари эътирофига сазовор бўлиши тенгдошлари учун ҳам катта руҳий рағбат бўлмоқда.

Бугун юртимизда билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшлар сафининг кенгайиб бораётгани ана шундай мисолларда яққол намоён бўлмоқда.